Янгиликларни бизнинг сайтда кузатиб боринг!!!

АЙБИГА ИҚРОРЛИК БЎЙИЧА КЕЛИШУВ ИНСТИТУТИ ЖОРИЙ ҚИЛИНДИ

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармон суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор ўзгаришларни белиглиб берди. Жумладан:

тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш (белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно);

жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш;

шахс амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги ҳақидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин унинг адвокат билан холи учрашиши таъминланиши шартлигини белгилаш;

айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш. Бунда, айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши ҳамда унга нисбатан суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва (ёки) муддатигача жазо тайинлаш;

жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) тартибини жорий қилиш;

ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш.

Фармонда белгиланган вазифалар ижроси бўйича қонунчиликка киритиладиган қўшимча ва ўзгартиришлар суд-тергов фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда яхшилаш, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини рўёбга чиқариш, жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштириш учун хизмат қилади.

 

Сардорбек АБДУСАТТАРОВ,

Жиноят ишлари бўйича Учқўрғон

туман судининг раиси.                            

НАШРЛАР

  • gazeta.jpg
  • gazeta1.jpg
  • gazeta2.jpg
  • gazeta3.jpg
  • gazeta4.jpg
  • gazeta5.jpg
  • gazeta6.jpg

СЎНГИ ЯНГИЛИКЛАР