Янгиликларни бизнинг сайтда кузатиб боринг!!!

Колорадо қўнғизи

Қўнғиз ўз номини 1859 йилда, Колорадо штати картошка экин майдонларини яксон қилганидан сўнг олган, бироқ унинг асл макони Колорадо эмас, балки Мексиканинг шимоли-шарқидаги Сонор зоогеографик кичик вилояти ҳисобланади. Кўрилган барча эҳтиёткорлик чораларига қарамай, зараркунанда Шимолий Америка бўйича тез тарқалиб кетди, 1876-77 йилларда эса, кемалардаги юклар билан биргаликда Атлантика океанини кесиб ўтди ва илк бор Европада, Лейпциг теварак-атрофида пайдо бўлди. Шундан сўнг, Колорадо қўнғизи яна бир неча бор Европага олиб келинган, бироқ унинг ўчоғлари муваффақиятли йўқ қилинган, 1918 йилда, биринчи жаҳон уруши даврида эса, қўнғиз Бордо (Франция) ҳудудида ўрнашиб олишга эришди. Бу ердан қўнғиз Европа мамлакатлари бўйича ўзининг ғолибона юришини амалга оширди, биргина Буюк Британияни “забт” қила олмаган, қўнғиз ҳозирга қадар туманли ўлкада “нодир меҳмон”. Қўнғиз ёз ойларида устувор шамоллар йўналиши бўйлаб шарққа силжиган ҳолда, 1940 йилларда собиқ иттифоқ чегараларига етиб келди. Унинг собиқ иттифоқ ҳудудидаги илк ўчоқлари 1949 йилда Украинанинг Львов областида аниқланган.

 1953 йилда у бир вақтнинг ўзида Калининград, Волинск, Брест ва Гродненск областларида пайдо бўлди. Ўзбекистонда Колорадо қўнғизи биринчи бор 1976 йилда Тошкент вилояти (Бўстонлиқ тумани)да қайд этилган. Ҳозирда Колорадо қўнғизи Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона вилоятларида ва Тошкент шаҳрида тарқалган. 

Морфологияси- Қўнғизнинг узунлиги 8-12 мм ва кенглиги 6-7 мм бўлган айтарли даражада йирик. Унинг танаси ясси, қаттиқ бўртган, ялтироқ, сариқ-тўқ сариқ рангга эга. Олд орқаси қора доғли. Ҳар бир қанот  устида 5 тадан қора чизиқчалар бор. Пардали қанотлари яхши ривожланган бўлиб, улар ёрдамида Колорадо қўнғизлари узоқ масофага учиб бора олади. Колорадо қуртлари 15-16 мм гача узунликда, боши қора ва тана ёнлари бўйича икки қатор қора нуқталари бўлади. Унинг танаси ранги, аввалига, тўқ-қўнғир бўлиб, вақт ўтиши билан оч-сариқ ёки пушти рангга айланади. Қуртлар гемолимфаларини асосий бўяйдиган модда каротин пигменти ҳисобланади. Қуртлар картошка баргларини ейиш пайтида, улар каротиндан бошқа барча пигментларни ҳазм қилади, натижада каротин тўқималарда тўпланиб, қуртларни “сабзи” рангга бўяйди. Фақат катта ёшдаги қўнғизлар (имаго), одатда, тупроққа 20-50 см кўмилиб олиб қишлайди. Баҳорда улар юзага чиқади ва янги униб чиққан экин (кўкатлар) билан озиқланади ва жуфтлаша бошлайди. Бунда, агар урғочилари қишки уйқуга кетгунга (диапаузага) қадар кузда жуфтлашишга улгурган бўлсалар, баҳорда улар дарров тухум қўйишни бошлашлари мумкин. Шундай қилиб, фақат биргина уруғланган урғочи янги ўчоғ асосчиси бўлиши мумкин. Қиш мавсумидан ўтиб олган урғочилар баҳордан то кузга қадар баргларнинг пастки юзасига узунчоқ шаклдаги оч-тўқ сариқ тухумлар қўяди. Бир кун мобайнида урғочи 5 тадан 80 тагача; бутун ёз давомида эса у 1000 тагача тухум қўйиши мумкин, гарчи ўртача серпуштлиги сезиларли паст – 350 та (бошқа маълумотлар бўйича – 700 тагача). Колорадо қўнғизининг авлод миқдори ёз ойлари давомида об-ҳавога боғлиқ бўлади: Европанинг шимолида қўнғизлар битта авлодни, жанубида – 2-3 та авлодни ҳосил қилади. Ҳароратга боғлиқ ҳолда, қуртлар 5-17 кундан сўнг тухумдан чиқади. Уларда туллаш билан бўлинган тўрт ёш ажратиб кўрсатилади. Биринчи ёшдаги қуртлар барг этини пастдан кемирадилар, иккинчи ёшдан эса – фақат ўртадаги қалин томирларнигина қолдирган ҳолда, бутун этни яксон қиладилар. 1- ва 2-ёшдаги қуртлар новдалар юқорисида “доғлар” бўлиб қолади; 3- ва 4-ёшда кўпинча қўшни ўсимликка ўтган ҳолда тарқалиб кетади. Қуртлар жуда жадал озиқланади ва 2-3 ҳафтадан кейиноқ ғумбакка айланиш (пилла ўраш) учун тупроққа кўмилиб олади. Бунда, қуртлар кириб борадиган чуқурлик, одатда, 10 см дан ошмайди. Ғумбак ер остида 10-20 кундан кейин ҳосил бўлади, тупроқнинг ҳароратига боғлиқ ҳолда, катта қурт ёхуд юзага ўрмалаб чиқади, ёхуд кейинги баҳоргача диапауза ҳолатида қолади. Катта қўнғиз ёғ захираларини тўплаган ҳолда, 6-20 кун мобайнида озиқланади. Қулай об-ҳаво шароитларида улар тухумдан чиққан жойидан, бир ердан иккинчи ерга соатига 8 км гача тезликда учиб ўтган ҳолда, ўнлаб километр масофа бўйлаб жойлашишлари мумкин. Колорадо қўнғизларининг яшаш давомийлиги ўртача бир йилни ташкил қилади, бироқ қўнғизларнинг бир қисми 2 ёки 3 йил яшайди. 

 

Яшнарбек ТУРСУНБОЕВ,

Наманган вилояти ўсимликлар карантини

давлат инспекцияси инспектори Наманган Т.И.Ф ЎКЧМ инспектори.

НАШРЛАР

  • gazeta.jpg
  • gazeta1.jpg
  • gazeta2.jpg
  • gazeta3.jpg
  • gazeta4.jpg
  • gazeta5.jpg
  • gazeta6.jpg

СЎНГИ ЯНГИЛИКЛАР