Янгиликларни бизнинг сайтда кузатиб боринг!!!

Бегона ўт тарқалиши ва зарари

Бегона ўтлар ноқулай тупроқ-иқлим шароитларига бардошли бўлганлиги боис маданий экинлардан олдин униб чиқиб, озиқа моддалари, сув, ёруғликни кўпроқ ўзлаштиради. Дала ишларини сифатли ўтказишга тўсқинлик қилиб, сарф-харажатларнинг ошишига олиб келади.

Тадқиқотларга кўра, бегона ўтлар ҳисобига қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилининг 10 фоиздан кўпроғи бой берилади. 1 тонна дон ҳосили тупроқдан 46 кг/га азот, 22 кг/га фосфор ва 28 кг/га калий ўзлаштирса, ўт босган далада латтатикан ўртача 140 кг/га азот, 30 кг/га фосфор, 120 кг/га калий сарфлайди. Олабўта эса 40 кг/га азот, 70 кг/га фосфор, 100 кг/га калийни ўзлаштиради. 

Бегона ўтлар ғўзани озиқлантириш учун солинган минерал ўғитлардаги озиқ моддаларнинг 20 фоизгачасини ўзлаштириши мумкин. Аниқланишича, ғўзанинг қуруқ массасида 1,2–2,2 % азот, 0,6–1,2 % фосфор, 1,5–2,4 % калий бўлиб, бегона ўтларда эса бу кўрсаткич мос равишда 2,5–4,5, 0,5–2 ва 5 фоизни ташкил этади. Fўзага нисбатан сувни 2 баравар кўп ўзлаштиради. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 м2 ўт босган даладан 30 кунда 139 килограмм сув буғланса, ўтсиз далада эса бу кўрсаткич 37 килограммни ташкил этади. Ўт босган далаларда ҳарорат 1,5–3, ҳатто 2–4 °С гача пасайиб кетади. Аксарият бегона ўтлар кучли ривожланиб, экинларни сиқиб қўяди. Яхши ривожланган бир туп ғумай 3–4 м2 майдонга соя бериши мумкин. 

Бегона ўтлар далаларда турли касаллик ва зараркунандалар манбаидир. Маълумки, ўргимчаккана, кўкқурт тунлами, шира ва трипслар дастлаб бегона ўтларда ривожланиб, сўнгра ғўзага ўтади. Шу боис бегона ўтларни йўқотиш ғўза ва бошқа экинларнинг ҳосилдорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, уватлар, ташландиқ ерлар, дала бурчаклари ва ариқ бўйларидаги бегона ўтларни йўқотиш зарур. Акс ҳолда уларнинг уруғлари узоқ масофаларга тарқалиб, экинзорларни ўт босишига олиб келади. 

Биологик хусусиятлари. Республикамиз тупроқ-иқлим шароитида 200 турдан зиёд бегона ўтлар учрайди. Биологик хусусиятларига кўра, бегона ўтлар бир ва кўп йиллик (бир паллали ва икки паллали) ҳамда текинхўр (паразит) бегона ўтларга ажратилади. Fўза далаларида 74 турга мансуб бегона ўтлар тар¬қалган бўлиб, улардан 45 таси бир йиллик, қолгани кўп йилликдир. Бўритароқ, шамак, итқуноқ, семизўт, итyзyм, эшакшўра каби бир йиллик бегона ўтлар кўпроқ учрайди. 

Бир йиллик бегона ўтларнинг илдизлари калта бўлиб, асосан уруғлардан кўпаяди. Бир туп шўра 200 мингдан 1 миллионгача, итузум 100–500, семизўт 80–500, қўйпечак 5–250 минггача уруғлайди. Кўп йиллик бегона ўтлардан қўйпечак, такасоқол, қизилмия, бўзтикан асосан куртаги ва уруғидан, ғумай, қамиш, саломалайкум, ажриқ, қирқбўғим эса илдизпояси орқали кўпаяди. Fумай ва ажриқни йўқотиш анча қийин. Ғумайнинг илдизи тупроқнинг 100–150 см чуқурлигига етади, 100000 донагача уруғ беради. Уруғлари унувчанлик қобилиятини 3–4 йилгача йўқотмайди. 

Суғориладиган ерларда зарпечак, чирмовуқ, шумғия каби текинхўр бегона ўтлар кўп учрайди. Зарпечак нафақат уруғи, балки поясининг бир бўлакчаси билан ҳам кўпая олади. Бегона ўтларнинг кенг тарқалишига суғориш пайтида уларнинг уруғлари ва вегетатив пояларини оқиб келиши, экиш олдидан тупроққа ишлов бериш сифатсиз ўтказилгани, ғўза ва бошқа экинлар қатор ораларига ўз вақтида ишлов берилмаганлиги, чимдан фойдаланиш, чиримаган гўнг солиш ва сифатсиз шудгор қилишлар сабаб бўлади. Айниқса, сўнгги йилларда шарбат усулида суғоришда чиримаган гўнгдан фойдаланилаётганлиги бегона ўтларнинг кенг тарқалишига олиб келмоқда. 

Қарши кураш чоралари. Бегона ўтларга қарши турли тадбирлар: агротехник, биологик (алмашлаб экиш, оралиқ ва такрорий экин экиш, шудгорлаш ва бошқ.), механик (чопиқ, ўтоқ) ва кимёвий (гербицидлар сепиш) кураш чоралари қўлланилади. Биологик усуллар. Тадқиқотларга қараганда, алмашлаб экиш далаларни бегона ўтлардан тозалашда катта аҳамиятга эга. Илмий изланишлар асосида беда экилган далаларда беда-бошоқли ва қопловчи экинлар ҳисобига майсаларнинг муайян қалинлигини ҳосил қилиш ва сақлаб туриш, бегона ўтларни изчил камайтириш имконини беради. Ҳозир ҳар хил тупроқларда жадаллаштирилган алмашлаб экишнинг 2:1 ва 1:2:1 тизимлари қабул қилинган. Беда экилгандан сўнг бегона ўтлар 56, оралиқ экин сифатида кузги жавдар, силос учун экилган маккажўхоридан кейин эса 50 фоизгача камайган. 

Экинларни навбатлаш кўп йиллик бегона ўтларни, айниқса, қўйпечак ва саломалайкумни камайтиради. Оралиқ экинлар ҳам далаларда бегона ўт тарқалишини анча камайтиради. Масалан, оралиқ экинлар экилмаган пайтда 1 м2 майдонда 14,5 та бир йиллик ва 411 та кўп йиллик бегона ўт бўлса, кўкпоя учун экилган кузги жавдардан сўнг бегона ўтлар сони мос равишда 1,3 ва 108 тага тўғри келган. Беда билан ғаллани қўшиб экиш ҳам бегона ўтларни йўқотишда яхши самара беради. 

Агротехник ва механик тадбирлар. Шудгорлаш ишларини ўтказишда икки ярусли плугларнинг етишмаслиги ва техникаларнинг маънавий эскирганлиги оқибатида далалар кўп йиллик бегона ўтлар билан юқори даражада зарарланмоқда. Ҳозирда Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларининг деярли барча туманларида, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг 70–80 % майдонларида кўп йиллик бегона ўтлардан ажриқ кенг тарқалгани кузатилмоқда. Афсуски, бошқа минтақаларда ҳам бундай далаларни кўплаб учратиш мумкин. Бу эса ишлаб чиқариш харажатларини, яъни қўл меҳнати 2–2,5 баробаргача (чопиқ ишлари 4–5 мартагача ўтказилади), ёнилғи-мойлаш материаллари харажати 10–15 % (15–17 л/га) ошишига, ишчиларга қўшимча ҳақ тўлашнинг 8–10 % кўпайишига ва пахта ҳосилининг 7–8 ц/га.га камайишига, оқибатда эса маҳсулот таннархининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда. 

Бегона ўтларга қарши курашда тупроқни қўш ярусли плуг билан чуқур ҳайдаш, кузги шудгорлаш, баҳорда ҳайдаш, чизель ёрдамида юмшатиш, бегона ўт илдизпояларини териб-йиғиб олиш, бороналаш, дискалаш, ротацион юлдузчалар билан ишлаш, культивацияни ўтказишда ишчи органлар тўлиқ ўрнатилишини таъминлаш, чопиқ қилиш ва бегона ўтларни ўташ каби тадбирлар амалга оширилади. Тупроғи шўрланиб турадиган шароитда, яъни чигит экиш олдидан, албатта тупроқ шўри ювиладиган ёки шоли экиш учун ажратилиб, дастлаб сув тўлдириладиган далаларда ўт босиши кескин камаяди. Айниқса, бунда экиш олдидан қўйпечак, семизўт ва итузумларга қарши сув бостириш яхши самара беради. 

Чигит экиш олдидан далаларга диск ёки тишли бороналар ёрдамида ишлов бериш яхши самара беради. Ўртачирчиқ туманидаги «Оқ ота» фермер хўжалигининг ажриқ билан 100 фоиз зарарланган даласида 2 йил давомида тажриба ўтказдик. Тажриба даласи кузда 40–45 см чуқурликда шудгорланиб, чигит экиш олдидан 3 марта бороналанди. Борона пайтида ажриқ илдизлари даладан ташқарига чиқариб ташланди. Чигит экиш олдидан «Которан» (1,2 кг/га), «Стомп» (2,0 л/га) «Интера» (2,0 л/га) препаратлари қўлланилди. Натижада бир йиллик бегона ўтларнинг сони 90–95, кўпйиллик ўтлар, жумладан, ажриқ сони 55–63 фоизгача камайди. 

Fўзадан кейин кузги буғдой экилганда чимқирқар ўрнатилган омоч билан 30–35 см ҳайдаш натижасида бегона ўтлар сони кузги буғдой туплаш даврига келиб 45–57 % камайганлиги кузатилди. Энг яхши натижага кузги буғдойдан бўшаган майдонда ёзги ҳайдов ўтказилган ва яна кузда дон экиш олдидан 25–28 см. га ҳайдаб экилганда 50 ц/га. дан кўп ҳосил олишга эришилди. Бу эса 2 марта ҳайдашга кетган харажатларни дон ҳосили билан қоплашни таъминлади. Биринчи ва иккинчи йилги харажатлар 3–4 йилда ўз мевасини беради. Айни пайтда юртимизда 70–80 % майдонга кузги буғдой ғўза ичига экилаётганлиги бегона ўтлар кўпайишига олиб келмоқда. Иккита асосий экиннинг муттасил экилиши ва бегона ўтларга қарши кураш ишлари суст олиб борилганлиги оқибатида далаларда тупроқ унумдорлиги пасайиб бормоқда. Масалан, тажрибада ажриқ билан зарарланган далада ғўзаичига кузги буғдой экилганда энг паст – 15 ц/га ҳосил олинди. 

Fўза далаларида учрайдиган бегона ўтларга қарши курашда биологик, кимёвий ва агротехник чоралар қўллашни, яъни тупроқни қўш ярусли омоч билан 30–40 см чуқур ҳайдаш, янги типдаги тароклаш агрегати билан тароқлаш олиб бориш, эрта баҳорда ерни чизель ёрдамида юмшатиш, бороналаш, бегона ўтларнинг илдиз-пояларини териб йиғиб олиш. Ажриқ билан юқори даражада зарарланган майдонларда тароқлаш агрегати билан тароқлаб сўнг борона ёрдамида даладан чиқарилса ва биринчи йили агар 40–45 см чуқурликда чимқирқар қўллаб ҳайдалса, бу майдонда эрта баҳорда ва экиш олдидан қолган ажриқ илдизларидан тозаланса, ажриқ билан зарарланиш 75–80 % камаяди. 

Бу тадбирларни, яъни тароқлаш агрегати бўлмаган ҳолда 2–3 марта чизель-борона билан тиркалган ҳолда ўтказиш лозим. Сўнг ҳайдаш ишлари олиб борилади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ажриқ илдизлари қўлда териб чиқилади. Бу тадбирларни ўтказиш харажатлари бегона ўтлардан тоза майдонларда экишгача жами 84864,73 сўмни ташкил қилса, бегона ўтлар билан зарарланган майдонларда жами 136749,87 сўмни, яъни бир марта юрилганда, баъзи операцияларни 2–3 марта ўтказиш ҳисобига жами 193782,58 сўмни ташкил этади. 

Лекин, юқорида келтирилган бегона ўтлар томонидан зарар ҳисобига йилига 30–45 % йўқотилган ҳосилни тадбирларни қўллаш натижасида 2–3 йилда қоплаш ва ундан ҳам юқори ҳосил олишга эришиш мумкин. 2–3 йилда ажриқ илдизи камайганлиги сабабли тароқлаш ишларини чизель-борона билан ўтказиш мумкин. Зарар келтираётган бегона ўтлардан органика сифатида фойдаланиш натижасида тупроқ унумдорлигини тиклаш ва экинлар ҳосилдорлигини ошириш мақсадида биринчи йил 40–45 см икки ярусли ёки чимқирқар ўрнатилган омочлар билан ҳайдалса, кейинги йил 30–32 см ҳайдаш ўтказилса ажриқ ва бошқа бегона ўтлар тупроқнинг пастки қисмида чиришига ва уларнинг униб чиқишини кескин пасайишига олиб келади. 

Бегона ўтларнинг тарқалишига ишлов бериш агрегатларига иш вақтида аҳамият берилмаслик натижаси десак ҳам бўлади. Масалан, бороналаш вақтида далани икки томонида борона чиқиши билан ундаги бегона ўтлар илдизларини тозалаб, даладан ташқарида ёқиб юбориш лозим. Вегетация даврида культиваторлар иш органларига ўралган ажриқ илдизларини ўз вақтида тозаламаслик оқибатида сунъий равишда кўпаяди. Агар бир одамга бегона ўтларни чопиқ қилиш учун 0,15 сотихга 5590 сўм ҳақ тўланса, бегона ўтлар билан юқори даражада зарарланган майдонларда 30–35 % ортиқ тўлашни талаб этади. 

Шу маънода, бегона ўтлар кўпайишининг олдини олиш энг аввало деҳқонга боғлиқ. Дала четларида ўсаётган бегона ўтларни ҳам йўқотиш муҳим аҳамиятга эга. Аксарият далаларнинг сув кириш жойлари ажриқ билан зарарланган, буни йўқотиш учун бор техникадан кузда (сентябрь ойида), ўтлар кўкариб турганда, уларга қарши «Дафосат» гербицидини гектарига 4–6 кг меъёрда сепиб, 10–15 кундан сўнг чизель-борона тиркалган ҳолда чизель қилиб тозаланади, қўлда териб олиниб, ёқиб юборилади. Ҳар бир тадбир биринчи йил харажат талаб этса-да кейинги йилларда бу харажатлар олинган ҳосил ҳисобига қопланади. Бегона ўтлар, яъни ажриқ ва қамиш юқори даражада босган далаларда икки йил давомида ғўза ёки беда етиштириш, оралиқ экинлар экиш ҳам улар сонини камайтиради. Бегона ўтлар билан юқори даражада зарарланган далаларда ғўза ичига кузги буғдой экиш ман этилади. 

Гербицидларни қўллаш. Fўза майдонларида бегона ўтларга қарши гербицидлар кенг кўламда қўлланилмоқда. Ўзбекистон Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти ва бошқа илмий муассасалар томонидан қатор янги гербицидлар синалиб, яхши натижа берганлари ишлаб чиқаришда қўлланилмоқда. Чигит экишдан аввал бир йиллик икки паллалик ва ғалласимон бегона ўтларга қарши «Трефлон», «Нитран» гербицидлари пуркалгандан сўнг зудлик билан тупроққа чизель-бороналар ёрдамида аралаштирилади. Акс ҳолда гербицид қуёш нури ва шамолнинг таъсирида бегона ўтларга самарадорлиги пасайиб кетади. 

Чигит экиш билан бир вақтда «Алкенза», «Которан», «Котонекс», «Стомп», «Гезегард», «Самурай», «Амир» каби гербицидлар бир йиллик, икки паллалик ва ғалласимон бегона ўтларга қарши ишлатилади. Улар сепилгач бегона ўтлар уруғларига таъсир этиб, униб чиқиши билан сарғаяди. 5–7 кундан кейин ёш ниҳоллар нобуд бўлади. Гербицидларнинг бегона ўтларга таъсир этиш кучи 1,5–2 ой давом этади ва бир чопиқ ўрнини қоплаш имконини беради. Fўзанинг ўсув (шоналаш) даврида бир ва кўп йиллик ғалласимон бегона ўтларга қарши «Фюзилад-супер», «Далзлак-супер», «Набу пантера», «Фюзелад форте», «Шогун» каби гербицидлар ишлатилмоқда. Ўтлар униб чиққан муддатда ишлатилганда гербицидларнинг самарадорлиги юқори бўлади. 

Пахта ҳосилининг асосий теримидан сўнг бегона ўтларга қарши ишлатиладиган «Дафосат», «Раундап», «Ураган-форте» гербицидларининг таъсири 3–5 кун ўтгач сезилади. Бегона ўтларнинг асосий ўсув нуқтаси ўсишдан тўхтайди ҳамда улар 7–15 кун ўтгач нобуд бўлади. Натижада ғўза ўсимлиги тупроқдаги сув ва озуқа моддаларни ўзига ўзлаштириш имкони вужудга келади. Ҳаво ҳарорати ва намликнинг етарли бўлиши гербицидларнинг бегона ўтларга таъсир этишини тезлаштиради. Шу билан бир вақтда гербицидларни ишлатиш вақтида ҳаво ва тупроқ ҳароратининг паст, шамолнинг тезлиги 2–3 м/сек. дан юқори бўлиши эса самарадорлигига салбий таъсир этади. 

Гербицидлардан фойдаланилганда уларнинг сарфлаш миқдорини ҳаддан зиёд кўпайтириб юбориш эса ғўза ниҳолларининг туп сонларини камайишига олиб келади. Уларнинг сарф-миқдори иқлим-тупроқ шароити ҳисобга олиниб, бегона ўтларнинг турига қараб аниқланади. Гербицидлар бегона ўтларнинг асосий қисми униб чиққандан сўнг ҳамда 2–6 барг чиқаргач бир йиллик бегона ўтларнинг баландлиги ўртача 12–15, кўп йиллик бегона ўтларники эса 8–12 см бўлган муддатларда пуркаш мақсадга мувофиқ.

Гербицидлар самарадорлиги. Fўза ва кузги буғдойзорлардаги бегона ўтларга қарши ғўзанинг шоналаш даврида, кузги буғдойнинг тупланиш даврида экинзорларда учрайдиган бир йиллик икки паллалик бегона ўтлардан шўра, олабута, итузум, бўритароқ, семизўтларга қарши «Которан» 80 фоизли н.к., «Стомп» 33 фоизли с.э., «Дафосат» 36 фоиз с.э., «Гезагард» 50 фоизли н.к., 50 фоизли с.э. ларни гектарига тасмасимон усулда 1–1,5, ёппасимон усулда 3–4 л. дан экиш билан бир вақтда қўлланганда уларнинг самарадорлиги 25–35 кундан кейин 90–95 фоизга етади. 

Тасмасимон усулда гербицидлар чигит экиш билан бир вақтда ишлатилганда бир йиллик ғалласимон бегона ўтлардан курмак, кўк қўноқ, қўноқ ўтларга қарши ўртача 89,2–92,5 % самара беради. Тажрибаларда аниқланишича, кўп йиллик бегона ўтларга қарши ғўзанинг шоналаш даврида ажриқнинг бўйи 8–12, ғумайники 12–17, қамишники 18–25 см. га етганда «Зеллек супер», 104 г/л. эм.к., «Фюзилад форте», 15 фоизли эм.к., «Далзлак Экстра» 104 фоизли с.э. лар ёппасимон усулда ишлатилганда самарадорлиги ўртача бир йиллик ғалласимон бегона ўтларга қарши 91–96, кўп йилликлардан ажриққа 58–78, ғумайга 90–96, қамишга 80–85 фоизгача бўлган. 

Юқоридаги гербицидлар қўлланганда ўсимликлар бегона ўтларни йўқотиш натижасида ғалла ҳосилдорлиги 10–12, пахтаники эса 4–5 ц/га ошди. Юқорида таъкидланган маълумотларга асосланган ҳолда ҳисобланса, бегона ўтларни чопиқ қилиш учун гектарига 37229,4, бегона ўтлар билан юқори даражада зарарланган майдонларда 49950 сўм тўлашни талаб этади. Чопиқ қилиш 2–2,5 баробар, яъни 4–5 марта оширилиши натижасида 249750 сўм харажат қилинади. Энг қиммат гербицид 3 марта сепилганда жами харажатлар 356670 сўмни ташкил қилади. Гербицид сепилмагандагига нисбатан 106920 сўм кўп харажат қилинади, аммо шу йилнинг ўзидаёқ олинган ҳосилдорлик натижасида харажатлар қопланиб, фойда кўрилади. 

Эритма тайёрлаш. Эритма бевосита пуркаш олдидан тайёрланади. Бунда пурковчи мослама (трактор ёки қўл агрегати) бакларидаги эритма неча гектар майдонга пуркалиши аниқлаб олинади. Бунинг учун пурковчи мослама бакларига тоза сув қуйилади, сепилади ва пуркалган майдон аниқланади. Сўнгра ушбу майдонга етарли сарф меъёрини инобатга олиб, гербицид ўлчаб олинади ва 5–7 л сувда яхшилаб эритилади (бирламчи эритма таёрланади). Пурковчи мослама бакларини ярмигача сув қуйилади ва гидроаралаштиргич ишга туширилади. Сўнгра олдиндан тайёрлаб қўйилган эритма пурковчи мосламанинг бакларига қуйилади. 

Пурковчи мослама баклари тўлгунча сув қуйилади. Эритмани тайёрлашда албатта тоза сувдан фойдаланиш керак. Эритма тайёрлангандан сўнг 24 соат ичида ишлатилиши шарт. Эритмани тайёрлаш ва пурковчи мосламаларга қуйиш махсус майдончаларда амалга оширилади ва майдончалар иш якунида зарарсизлантирилади. Гербицидлар ПГС-3,6, ПГХ-4 маркали штангали пуркагичларда пуркалса, эритма сарфи гектарига 130–150, ОВХ-28, ОВХ-600 маркали вентиляторли пуркагичдан фойдаланилганда 200–300 литрни ташкил этади. Шунинг учун эритма тайёрлашда пурковчи мослама турлари ҳисобга олиниши керак. 

Масалан, айрим фермер хўжаликларида қўл аппаратидан ҳам фойдаланилади. Қўл аппарати бакларининг ҳажми 10–12 литрни ташкил этади. Агар бир гектар майдонга гербицид сарф меъёри 3 литр ва иш эритмаси 300 литр бўлса, 10 литрлик қўл аппаратининг бир тўлдириш бакига сарф меъёри 3 бўлганда 30 граммдан 40 граммгача гербицид солиниб 100 м2 майдончага ишлов берилади ва бу ҳолда гербицидларнинг сарф меъёри тўғри бўлади. 

Пуркагичларни тозалаш. Гербицидларни пуркаш ниҳоясига етгандан сўнг пуркагичларни тозалаш ўта муҳимдир. Чунки пуркагич баки штанга ва резина ичакларидаги гербицид қолдиқлари бошқа экинларга ушбу пуркагич билан ишлов берилгандан сўнг уларни ривожланишига салбий таъсир этиши мумкин. Шунинг учун гербицид сепилгандан сўнг пуркагич тозаланиши шарт ва уни қуйидаги тартибда тозалаш тавсия этилади: 

  1. Пуркагич баклари бўшатилади. Тоза сув билан пуркагич баклари шланга ва резина ичаклар ювилади. Пуркагич баклари яна бўшатилади. 
  2. Пуркагич баклари тоза сув билан тўлдирилади ва 100 литр ҳисобида 25 грамм натрий гипохлорити солинади. Агар натрий хлорити бўлмаса РН кўтарувчи бошқа кимёвий воситалардан фойдаланиш мумкин, масалан 100 литр сув ҳисобига 30 грамм аммиак ёки бўлмаса 250 г натрий карбонати. Аралашма 10 минут давомида аралаштирилади. Пуркагич баклар бўшатилади. Бу тадбир яна бир бор қайтарилади. 
  3. Натрий гипохлорит қолдиқларини тозалаш учун пуркагич баки, шланка ва резина ичаклар тоза сув билан ювилади. Пуркагич учликлари сеткаси ечиб олинади ва гипохлорит натрий билан 2-банд тартиби бўйича тозаланади.

Гербицидларни қўллашда қуйидаги экологик мезонларга риоя қилиш зарур: - препарат эритмасини шамолнинг тезлиги секундига 5–6 метргача бўлганда пуркаш; - асаларичиларни далаларга препарат эритмасини пуркашдан 4–5 кун илгари огоҳлантириш зарур. Тупроқ юзасини музлатадиган енгил совуқда, шунингдек ҳаво ҳарорати +25 оС дан юқори бўлганда иш эритмасини пуркаш мумкин эмас. Ушбу препаратдан такроран фойдаланишга ҳам рухсат этилмайди. Препарат эритмаси пуркалгандан сўнг камида 4 соатдан кейин ёққан ёмғир унинг самарадорлигини пасайтирмайди. 

 

Яшнарбек ТУРСУНБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси

Наманган вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси инспектори                        

НАШРЛАР

  • gazeta.jpg
  • gazeta1.jpg
  • gazeta2.jpg
  • gazeta3.jpg
  • gazeta4.jpg
  • gazeta5.jpg
  • gazeta6.jpg

СЎНГИ ЯНГИЛИКЛАР

ОАВ давлат рўйхатидан қандай ўтказилади?

06-07-2020

Қуйида Сизларга ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш схемасини тақдим этамиз. Демак, Сизлар аввалги йилларда бўлганидай ахборот...

Батафсил

ЎТИН ЁҚИШГА ҲОЖАТ ЙЎҚ чунки, “Ҳудудгаз Наманган” МЧЖ хизматингизда

06-07-2020

Мингбулоқ тумани аҳолисининг аксарияти ўтмишда – қишли-қировли кунларда хонадон ўчоғи, иситиш печига саксовул, янтоқ каби...

Батафсил

ҲИСОБЛАГИЧИНГИЗ АЛМАШТИРИЛАДИ ёхуд “ақлли” ҳисоблагичнинг афзалликлари

30-06-2020

Яқин-яқингача табиий газ соҳасида таъминотчи билан истеъмолчи ўртасида фойдаланилган газ ва унинг тўлови, мавҳум ёки...

Батафсил

ОЛМА ҚУРТИ (CARPOCAPSA POMONELLA L.)га бирга курашайлик

30-06-2020

Тангача қанотлилар (Lepidoptera) туркумининг барг ўровчилар (Tortricidae) оиласига мансуб. Бўлиб  олма мевахўри (олма қурти) уруғ...

Батафсил

Наманган вилоятида январь-май ойларида 1423,9. млрд сўмлик қурилиш ишлари бажари…

29-06-2020

Жорий йилнинг январь-май ойларида Наманган вилоятида жами 1423,9. млрд сўм қурилиш ишлари бажарилиб, ўсиш суръати 2019...

Батафсил

Улуғликка элтувчи йўл

23-06-2020

Кўп китоб ўқиган, илмга чанқоқ бўлган кишининг тафаккури  бошқаларникидан ажралиб туради. У оламни, ҳаёт ҳақиқатини...

Батафсил

НАФАҚАДАГИ АЁЛНИНГ НАФСИ

22-06-2020

Фуқаро А.К муқаддам 4 марта судланиб, тўртинчи марта суд томонидан аёл эканлигини, нафақадалигини инобатга олиб...

Батафсил

Қовун пашшаси - хавфли ҳашорот

19-06-2020

Кейинги пайтларда миришкорларимиз учун катта муаммолардан бири қовунэкин майдонларида хавфли карантин зараркунанда “Қовун пашшаси” билан...

Батафсил

Наманган вилояти бўйича деҳқон бозорларидаги айрим товарларнинг ўртача нархлари …

16-06-2020

Маълумот (нархларни рўйхатга олувчи томонидан кузатув ўтказилган кун ва вақтдаги нарх-наво олинади, бунда вақт ва...

Батафсил

Ўзбекистон Республикасида мустакиллик йилларида илк маротаба Аҳолини рўйхатга ол…

02-06-2020

               Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни...

Батафсил

Бегона ўт тарқалиши ва зарари

26-05-2020

Бегона ўтлар ноқулай тупроқ-иқлим шароитларига бардошли бўлганлиги боис маданий экинлардан олдин униб чиқиб, озиқа моддалари...

Батафсил

Биз коррупцияга қаршимиз

21-05-2020

Жамиятимизни, ҳаммамизни қийнаётган масалалардан бири бу коррупция иллати бўлиб у жамиятни, иқтисодиётни барча соҳаларни ривожланишига...

Батафсил

Наманган вилоятида химатлар соҳаси ривожланмоқда

19-05-2020

Вилоят статистика бошқармаси ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, 2020 йил январь-март ойларида кўрсатилган бозор хизматлари...

Батафсил

Наманганда рўйхатдан ўтган корхоналар сони қанча?

15-05-2020

 2020 йил 1 май ҳолатига вилоятимизда рўйхатдан ўтган корхоналар ва ташкилотлар сони 28 091 тани ташкил этиб...

Батафсил

ЖАНГОҲЛАРДА ОР ТАЛАШГАН ЮРТНИНГ МАРД ВА ЖАСУР ЎҒЛОНЛАРИ ХОЛИДАН ХАБАР ОЛИНДИ

11-05-2020

Хотира ва қадрлаш куни–халқимизнинг асрий қадриятлари, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган урф-одат, улуғ фазилатларидан биридир.

Батафсил